Таржимаи ҳолим
Мен бир минг тўққиз юзу ўттиз олтинчи йилнинг… Йўқ, мен таржимаи ҳолимни туғилган кунимдан эмас, илгарироқдан бошлашим керак экан. Менинг дунёга келишим тарихи бундай бўлган: минг тўққиз юз ўттизинчи йилда тошкентлик ёш ишчи Каримжон йигирма бешмингчилар қаторида коллективлаштириш ишида қатнашиш учун Фарғонанинг Олтиариқ районига сафарбар қилинади. У оиласи – хотини, чақалоқ қизи, ўн беш ёшлик синглиси билан Олтиариққа кўчиб боради. Ўша пайт Тошкент педтехникумининг сиртқи толибаси бўлган синглиси Розияхон тез орада география ўқитувчиси дипломини олади ва қишлоқ мактабида дарс бера бошлайди. Тақдир қизни бу ерда ёш муаллим Чўянбой Воҳидовга дуч қилади ва бу никоҳдан… Мана энди таржимаи ҳолимни бошласам бўлади. Мен бир минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилнинг йигирма саккизинчи декабрида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида қишлоқ ўқитувчилари оиласида туғилганман. Бу оилада биринчи фарзанд қиз бўлиб, у гўдаклигида зотилжамдан ўлган экан. Укам Элбурсни эслайман. Мендан уч ёш кичик эди. Қизамиқ билан оғриб икки яшарлигида ўлган.
Отамни Олтиариқнинг ўқимишли, обрўли одамларидан бўлган деб эслашади. Ундан дарс эшитган, шогирд бўлган, бирга ишлашган одамлар мен ҳар гал қишлоққа борганимда – ҳозир энди у ер шаҳар кўринишидаги туман – отамнинг ишларини, гапларини хотирлаб айтиб беришади, қувноқ, дилкаш, сўзга чечан одам бўлган дейишади. У тарих муаллими, сўнг давлат ташкилотларида ишлаган. Урушининг дастлабки йилларида фронтга кетиб, бош миясида осколка жароҳати ва ўпка шамоллаш касали билан қайтиб келди, минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилда ўттиз уч ёшида Тошкентда Олмазордаги касалхонада вафот этди. Бир йилдан сўнг онам ҳам дунёдан ўтди. Икки қисқа умрнинг ёлғиз ёдгори бўлиб мен тоға қўлида қолдим.
Тошкентда кечган болалик ва ўсмирлик йилларимдан қолган энг ёрқин эсдаликлар Островский номли пионерлар саройидаги шоир Ғайратий тўгараги ва тоғамнинг хонадонида бўлиб турадиган адабий суҳбатлар билан боғлиқ. Тоғам касби хуқуқшунос бўлса ҳам адабиёт ва санъатга қизиққан, шеъриятни нозик тушунадиган киши эди. Уйимизга шоир Чустий, хонандалар ака-ука Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, кенг билим эгаси бўлган олим, таржимон Алихон Соғуний тез-тез келиб туришар эди. Менинг шеъриятга қизиқишимни сезган тоғам бу суҳбатлардан мени ҳам баҳраманд қиларди. Оддий почта хизматчиси Мулла Шукуржон ака, савдо ходими Акмалхон акаларнинг зукко баҳсларига маҳлиё бўлиб ўтирар эдим. Улар Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулий байтларини таҳлил қилиб, ҳар бирлари ўзларича талқин бериб ўтиришарди. Бу суҳбатлар ичкиликсиз, фақат шеър ва қўшиқ кайфи билан, аския завқи билан музайян бўларди. Афсуски, бундай давралар энди камайиб, йўқолиб бормоқда.
Пионерлар саройидаги адабиёт тўгарагига қатнашиб юрган вақтимда «Муштум» журналида биринчи шеърим босилди. Шеър тагига 22-мактаб 7«а» синф ўқувчиси деб исм-фамилиям ёзилган эди. Тўгарак ҳақидаги таассуротим устоз Ғайратий тўғрисида ёзган хотираларимда баён қилинган.
Эллик бешинчи ва олтмишинчи йилларни ўз ичига олган «олтин даврим» талабалик умримнинг унутилмас ва ўзлигимдан йироқлашмас бир қисмидир. Бу йилларда биринчи шеърлар китобим «Тонг нафаси» ёзилди, Сергей Есенин шеърларидан таржималар қилдим. Ёзувчилар уюшмасининг ёш ижодкорлар семинаридаги қизғин баҳслар, улуғ устозлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодалар билан илк мулоқот ва учрашувлар, университет даргоҳидаги адабий муҳит ҳаётимда ўчмас из қолдирди.